Бугун, Наманган вилояти Давлатобод туманида Давлат активлари агентлигининг анъанавий равишда кетма-кет олтинчи йил ўтказилаётган Roadshow тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбиркорлар, инвесторлар ва кенг жамоатчиликка ҳудудда хусусийлаштирилаётган давлат активлари, ер участкалари ва яратилаётган янги имкониятлар тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Roadshow тақдимотида Наманган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, Давлат активлари агентлиги Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бекзод Матмусаев, «Эктрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ Наманган вилоят ҳудудий вакили Алишер Мирзаҳмедов, Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари, Наманган вилоятининг ташкилотлари раҳбарлари, 300 нафардан ортиқ тадбиркорлар ва инвесторлар ҳамда ҳудуддаги фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этдилар. Тақдимотда Давлат активлари агентлиги томонидан давлат активлари ва ер участкаларини хусусийлаштириш, бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш, улар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда буджетга тушумларни кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Давлат активлари агентлиги Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бекзод Матмусаев ўз нутқида шундай таъкидлади: «2026 йилда фуқаролар ва тадбиркорларга доимий фойдаланишда, ижарада ва умрбод эгалик қилиш ҳуқуқида бўлган умумий майдони 19.6 гектарлик 79 та ер участкаси 1.3 млрд сўмга хусусийлаштирилди. Натижада фуқаролар ва тадбиркорлар ушбу ер участкаларини гаровга қўйиш ёки бўлиб-бўлиб сотиш имкониятига эга бўлдилар».Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2026-йил давомида савдоларга 548.5 млрд сўмлик 68 та давлат активи савдога чиқарилиб, шундан 59 та актив 467.2 млрд сўмга реализация қилинди. Ҳозирги вақтда аукцион савдоларида жами 362.2 млрд сўмлик 55 та давлат активи турибди. Бундан ташқари, 2026 йилда электрон онлайн-аукционлар орқали умумий майдони 140.7 гектарлик 797 та ер участкаси сотилди. Бугунги кунда умумий майдони 240.6 гектарлик ер участкаларининг электрон онлайн-сотувлари давом этмоқда.
Тадбирда Президентнинг 177-сонли Фармони билан тасдиқланган 2026 йилга мўлжалланган Хусусийлаштириш дастури доирасидаги янги имкониятлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари харид қилинганда 15 фоиз миқдорида бўнак (аванс) тўланиши назарда тутилган бўлиб, қолган сумма қонунчиликда белгиланган муддатларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўланиши мумкин. Бундан ташқари, сотиб олиш тўловлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 23 минг бараваридан юқори бўлган давлат кўчмас мулк объектлари ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 минг бараваридан юқори бўлган ноқишлоқ ер участкаларининг олти ой давомида тўлиқ тўланганда шартнома қийматидан 25 фоиз миқдорида чегирма берилиши белгиланган. Ушбу имкониятлар тадбиркорлар ва инвесторлар учун янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда бизнесни кенгайтиришда муҳим кўмак бўлади.

