Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

29 Октябрь 2026

ЎЗБЕКИСТОНДА РИЕЛТОРЛИК ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДАГИ ЯНГИ ҚОНУН КУЧГА КИРАДИ

2026-йил 8-ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда "Риелторлик фаолияти тўғрисида"ги янги Қонун кучга киради. Қонун кўчмас мулк бозорининг шаффофлигини ошириш, риелторларнинг профессионаллигини юксалтириш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Ҳужжат риелторлик хизматларини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш, мутахассисларнинг малакасига қўйиладиган талабларни кучайтириш ҳамда кўчмас мулк бозори инфратузилмасини ривожлантиришни назарда тутади.

Муҳим янгиликлардан бири — риелторлар, риелторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк агентларининг Ягона реестри ташкил этилишидир. Ягона реестрнинг асосий мақсади – риелторлик бозорида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқароларга хизмат кўрсатувчи субектларнинг қонуний мақомини текшириш имкониятини яратиш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришдан иборат.

Ягона реестр ваколатли давлат органи томонидан электрон шаклда юритилади ва унинг маълумотлари расмий веб-сайтда жойлаштирилади. Реестрда риелторлар, риелторлик ташкилотлари, кўчмас мулк бўйича агентлар ҳамда риелторлик соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари тўғрисидаги маълумотлар жамланади.

Мижозлар манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча механизми сифатида риелторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк агентларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш жорий этилади. Бу қонунчилик ва суғурта шартларида назарда тутилган ҳолатларда буюртмачиларнинг манфаатларини қўшимча ҳимоя қилиш имконини беради.

Яна бир муҳим янгилик — Мултилистинг тизими жорий этилишидир. Ушбу электрон тизим кўчмас мулк обектлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, сақлаш ва улар билан реал вақт режимида алмашиш имконини беради. Натижада бозор иштирокчилари ўртасидаги ҳамкорлик соддалашиб, замонавий рақамли хизматларни ривожлантириш учун шароит яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активлари агентлиги риелторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланган.

Қонуннинг кучга кириши фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторлар манфаатларига хизмат қиладиган янада очиқ, профессионал ва замонавий кўчмас мулк бозорини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.

123 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech