Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 247 та корхонадаги давлат акция пакетлари ва 1028 та кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга чиқарилиши, шунингдек, 12 та йирик корхонадаги давлат улушларининг маҳаллий фонд бозорида бирламчи (ИПО) ва (ёки) иккиламчи (СПО) оммавий таклифи ўтказилиши белгиланган.
Ҳудудларда мазкур қарор мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликка тушунтириш, унинг тарғибот ишларини жадаллаштириш мақсадида, жорий йилнинг 13 сентябр-куни Давлат активларини бошқариш агентлиги Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан вилоятда хусусийлаштирилиши белгиланган жумладан, Тўрақўрғон, Наманган ва Косонсой туманларидаги давлат активлари, жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги «Roadshow» тақдимоти ўтказилди.
Ушбу тадбирда 100 нафардан зиёд тадбиркорлар ва ишбилармонлар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тумандаги сектор раҳбарлари иштирок этди.
Тақдимот Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов, Давактив агентлигининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бекзод Матмусаев, Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Акрамжон Ахмадалиев ҳамда «Э-аукцион» вилоят вакили Алишер Мираҳмедов бошчилигида бўлиб ўтди.
Тадбирда Бекзод Матмусаев сўзга чиқиб, сўнги йилларда мамлакатимизда хусусийлаштириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан кескин ислоҳотлар амалга оширилиб, тадбиркорлар учун бир қатор янгилик ва қулайликлар яратилганлигини таъкидлаб ўтди.
Хусусан:
- Давлат активлари 3 ойда сотилмаганда (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) уларнинг бошланғич баҳосининг 10 фоизигача босқичма-босқич пасайтирилиши белгиланди;
- 2024 йил 1 январгача ижара шартномалари асосида ижарага олганига камида 5 йил бўлган ва мажбуриятларни бажарган тадбиркорларга хусусийлаштириш дастурларига кирган давлат мулкини баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилди;
- Тадбиркорлик учун аукцион савдоларига чиқарилган ер участкалари (вилоят марказлари бундан мустасно) 3 ой давомида сотилмаганда бошланғич қийматининг 30 фоизигача, 6 ой давомида сотилмаганда 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилиши, сотиб олиш тўловларининг 15 фоизини уч ой муддатда қолган қисмини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди;
- Давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган бўш ер участкаларига нисбатан туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарздорликлари бўйича тақиқлар татбиқ этилмайди, ушбу ер участкалари аукцион савдоларида сотилганда, харидорларга тўсиқларсиз расмийлаштириб берилади;
- Ихтисослашуви ҳамда кичик бизнес учун мавжуд шароитдан келиб чиқиб 4 ва 5-тоифаларга киритилган туманларда жойлашган давлат активлари ҳамда мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган ер участкалари бўйича тўловларни, миқдоридан қатъий назар, 5 йил ичида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6 центабр куни «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда ер ресурсларининг инвестициявий имкониятларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-135-сонли Фармони қабул қилинди.
- Фармонга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижара ҳуқуқи асосида сотиб олиш қийматини қуйидаги шартларда ҳар ойда тенг улушларда, қолдиқ суммага Марказий банкнинг асосий ставкасида фоиз ҳисоблаган ҳолда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади:
- Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида – 3 йил давомида камида 35 фоиз миқдорида дастлабки тўловни 15 иш кунида амалга ошириш шарти билан;
- бошқа аҳоли пунктларида – 5 йил давомида, 4- ва 5-тоифалардаги туманларда эса 10 йил давомида камида 15 фоиз миқдорида дастлабки тўловни 15 иш кунида амалга ошириш шарти билан.
Шунингдек, барча турдаги ер участкаларининг қиймати 15 иш кунида тўлиқ тўланган тақдирда, жами суммага нисбатан 20 фоиз чегирма берилади
«Roadshow» иштирокчиларига Давактив агентлиги Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2023 йилги хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ жами 29 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилганлиги, шундан 54 та давлат активлари 86,2 млрд.сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганлиги, 2024 йилнинг ўтган даврида жами 92 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 52 та давлат активлари 82,4 млрд.сўм қийматга сотилиши таъминланган. Ҳозирги кунда умумий қиймати 184,5 млрд.сўм бўлган 34 та давлат активларининг савдоси давом этмоқда.
Шунингдек, тадбир давомида қатнашчиларга «E-auksion» электрон савдо платформасидан фойдаланиш, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий, ҳам амалий тушунтирилди.
Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган тадбир якунида қатнашчилар ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга тегишли жавоблар бериб ўтилди, жумладан маҳаллий тадбиркорларнинг бир қатор таклифлари қабул қилинди.
Мазкур «Roadshow» тақдимоти вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида тасдиқланган график асосида ўтказилиши белгиланган.