Бугун Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да тадбиркорлар учун давлат активлари ва банк балансидан сотилаётган мол-мулклар бўйича кўргазмали семинар — “Roadshow” бўлиб ўтди.
Тадбирни Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зухриддин Бахриддинов очиб берди.
Шундан сўнг иштирокчиларга тижорат банклари балансидаги сотилаётган мол-мулклар, хусусийлаштирилаётган давлат активлари, ер участкалари ҳамда мастер режа асосида сотувга қўйилган инвестиция майдонлари бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Маълумотга кўра, ҳозирги пайтда вилоят ҳудудида қиймати 84 миллиард сўмлик 39 та давлат активлари ҳамда жами 270 гектар майдонни ташкил этувчи ер участкалари "E-auksion" орқали савдога қўйилган.
Шунингдек, тижорат банклари балансидан қиймати 342,6 миллиард сўмлик 136 та объект инвесторлар учун таклиф этилмоқда. Ушбу объектлар инфратузилмаси, жойлашуви ва иқтисодий самарадорлиги жиҳатидан юқори инвестиция салоҳиятига эга экани таъкидланди.
Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад — тадбиркорлар ва инвесторларга очиқ маълумот тақдим этиш, савдо жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда янги бизнес лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини яратишдан иборат.

